Contacts

Кафедра Тарихи

image_pdfimage_print

Тошкент тиббиёт академияси
Офтальмология кафедраси тарихи

Тошкентда Ўрта Осиё давлат университетининг 1920 йилда очилиши билан унинг тиббиёт факультети таркибида Тошкентдаги ҳарбий госпиталь биносида кўз касалликлари кафедраси ташкил этилган.
Ўрта Осиё давлат университетининг тиббиёт факультети “Кўз касалликлари кафедраси” нинг асосчиси ва биринчи раҳбари профессор Александр Георгиевич Трубин (1876— 1945) бўлган. У 1920—1924 йилларда кафедра раҳбари сифатида даволаш, ўқитиш ишларини ташкил этган. 1923 йилда кўз шифокорлари илмий тўгарагини очган.

1924 йилдан 1932 йилгача кафедрани профессор Александр Николаевич Мурзин (1885—1954) бошқарган. 1931 йилда кўз касалликлари кафедраси Тошкентдаги ҳарбий госпиталь биносидан, ҳозирги Тошкент тиббиёт академиясиниг 3 клиникаси кўз касалликлари бўлимига кўчган. А. Н. Мурзин педагогик ишларни яхшилаш билан бирга трахома, конъюнктивит, глаукома касалликларини даволаш ва олдини олиш учун Қорақалпоғистон, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида офтальмология хизматини ташкил этган. Кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ниятида 1926 йилда Ўзбекистон офтальмологлар илмий жамиятини ташкил этган.

1932 йилда Ростов на Дону шаҳридан профессор Петр Федорович Архангельский (1893—1959) келиб Кўз касалликлари кафедраси мудирлиги лавозимига тасдиқланган ва 1953 йилгача ишлаган.

Унинг 100 дан ортиқ илмий-тадқиқот ишлари мавжуд бўлиб, шулардан кўпчилиги кўзнинг терлама (тошмали тиф) дан касалланиши, бруцеллёзнинг кўзга таъсири, глаукома ва бошқа кўз касалликларига бағишланган. П. Ф. Архангельский 1936 йилда кўзни протезлаш пунктини, 1940 йилда трахома диспансерини ташкил килган. У икки фан доктори ва икки фан номзоди тайёрлаган. Унинг Ўзбекистондаги шогирдлари орасида фан номзодларидан Т. Е. Қосимов ва М. Ҳ. Ҳамидовалар бор.

1953 йилдан то 1957 йилгача ТошМИ кўз касалликлари кафедраси мудири лавозимида профессор Попова София Алексеевна (1889—1961) ишлаган. У кўзнинг лейшманиози устида кўп йиллар ишлаб, докторлик диссертациясини ёзган ва безгакнинг кўзга таъсирини текшириб, ўлка патологиясини ўрганишга катта ҳисса қўшган. Унинг илмий ишлари 25 дан ортиқ бўлиб, 3 та фан номзоди тайёрлаган.

1957—1969 йилларда кафедрани иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Қосимов Турғун Ёқуб ўғли (1912—1972) бошқарган.

У кафедрада даволаш ва ўқитувчилик ишлари билан бир қаторда кўз касалликлари жарроҳлигини ривожлантиришга катта ҳисса кўшган. Унинг 40 га яқин илмий ишлари трахома, глаукома, кўз шикастланишларига оид эди. Т. Қосимов учта фан номзоди тайёрлаган.
1969 йилдан кафедра мудирлигига ўзбек аёлларидан биринчи аспирант, биринчи фан номзоди ва Ўрта Осиё бўйича биринчи фан доктори, тажрибали шифокор ва офтальмохирург, профессор Муҳтарам Ҳамидова сайланган.

1976 йилдан бошлаб Тошкент Тиббиёт Институтида иккита кўз касалликлари кафедралари ташкил этилган, I даволаш факультети кафедрасида 17 йилдан ортик кафедра мудири бўлиб профессор Татьяна Георгиевна Ильина (1920-2000) фаолият юритган. Унинг 120 дан ортиқ турли касалликларда кўз микроциркуляция патологияси, глаукома касаллигининг патогенези ва даволашига бағишланган илмий ишлари чоп этилган. Шунингдек Т.Г. Ильина томонидан 16 та тиббиёт фанлари номзоди тайёрланган.

Т.Г. Ильина бутун Республика худудида трахома касаллигининг ликвидациясида ва глаукома касаллигининг олдини олишда катта ҳисса қўшган. Шу мақсадда унинг бошчилигида республикамизнинг кўплаб вилоятларида глаукома кабинетлари ташкил этилган.
1990 йилда Тошкент Давлат тиббиёт институти Биринчи ТошДавТИ ва Иккинчи ТошДавТИга бўлингандан сўнг Биринчи ТошДавТИда 1991-2005 йилларда кафедра мудири бўлиб, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Худойбердиев Алишер Рахимович ишлаб келган.

1991-2002 йиллар давомида Республика Соғликни Сақлаш Вазирлигининг бош офтальмологи бўлиб ишлаган. 90га яқин илмий мақола, 1 та монография, 8 та авторлик гувоҳномаси муаллифидир. Унинг раҳбарлигида 8та номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинган.

Иккинчи ТошДавТИда Кўз касалликлари кафедраси мудири бўлиб, 1990-1997 йилларда тиббиёт фанлари номзоди, доцент Авазов Тешавой Назарович ишлаган. 1997 йилдан Иккинчи ТошДавТИда Кўз касалликлари кафедраси мудири бўлиб тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазилат Орифовна Бахритдинова тайинланган. 2005 йилда Биринчи ва Иккинчи ТошДавТИлари қўшилиб Тошкент тиббиёт академияси ташкил қилиниши муносабати билан Кўз касалликлари кафедраси мудири лавозимига танлов асосида тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахритдинова Фазилат Арифовна сайландилар.

2005 йилда Биринчи ва Иккинчи ТошДавТИлари қўшилиб Тошкент тиббиёт академияси ташкил қилиниши муносабати билан Кўз касалликлари кафедраси мудири лавозимига танлов асосида тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахритдинова Фазилат Арифовна сайландилар.

Бахритдинова Ф.А. – МДХ давлатлари офтальмологлар ассоциацияси, туркийзабон мамлакатлар офтальмологлари жамиятининг амалдаги аъзоси, Тошкент Давлат Стоматология Институти хузуридаги илмий даража берувчи Dsc.28.12.2017.Tib.59.01 рақамли Илмий Кенгаш аъзоси ва шу Илмий Кенгаш хузуридаги 14.00.08 -офтальмология бўйича Илмий Семинарнинг аъзоси, марказий услубий комиссиянинг хирургик секцияси раиси, ЎзР ССВ қошидаги офтальмология бўйича монотематик комиссиянинг раиси, Ўзбекистон Республикаси Фармакология Қўмитаси эксперти, Ўзбекистон Республикаси биоэтика бўйича миллий кўмита президиуми аъзоси сифатида фаолият юритган.
Ф.А Бахритдинова томонидан 200 дан ортиқ илмий ишлар, ўқув қўлланмалар, услубий тавсиялар чоп этилган, шу жумладан бир қанча ихтироларнинг муаллифлик гувоҳномаларига эга. Унинг раҳбарлиги остида 26 та тиббиёт фанлари номзоди ва 6 та тиббиёт фанлари доктори тайёрланган.

2014 йилдан бошлаб Тошкент тиббиёт академияси Кўз касалликлари кафедраси мудири лавозимида тиббиёт фанлари доктори, профессор Билалов Эркин Нозимович фаолият юритиб келмокда.

Билалов Э.Н. – Тошкент тиббиёт академияси илмий кенгаш аъзоси. Тошкент Давлат Стоматология Институти хузуридаги илмий даража берувчи Dsc.28.12.2017.Tib.59.01 рақамли Илмий Кенгаш аъзоси ва шу Илмий Кенгаш хузуридаги 14.00.08 -офтальмология бўйича Илмий Семинарнинг аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги қошидаги офтальмология буйича монотематик раёсатнинг офтальмология бўйича Кенгаш аъзоси ва илмий котиби, туркийзабон мамлакатлар офтальмологлари жамиятининг амалдаги аъзоси. Унинг раҳбарлиги остида 1 та фан номзоди ва 25 та олий малакали магистр тайёрланган. Билалов Э.Н. томонидан илмий тадқиқотлари бўйича 100 дан ортиқ илмий ишлар чоп этилган, шу жумладан ўқув-услубий ишлар, методик қўлланмалар, ихтироларга патентлар ва рационализаторлик таклифларига гувоҳномалар олинган.

2016 йилда “Кўз касалликлари” кафедраси “Офтальмология” кафедраси номига ўзгартирилди. Бугунги кунга келиб кафедра базасида 14 докторлик ва 50 дан ортиқ номзодлик диссертация ишлари ёқланди. Шу сабадан ҳам кафедра офтальмология соҳасида мамлакат бўйича етакчи илмий ташкилотлардан бири ҳисобланади. 

Ҳозирги вақтда Офтальмология кафедрасида:
«Совершенствование методов диагностики и лечения некоторых видов глазных болезней с разработкой и внедрением новых лекарственных форм в офтальмологическую практику» мавзусида илмий иш олиб борилмокда.(Государственный регистрационный номер 011500212).